Ассалаўма алейкум

ѲЗБЕКСТАН МУСЫЛМАНЛАРЫ БАСҚАРМАСЫ

“МУҲАММАД ИБН АҲМАД АЛ-БЕРУНИЙ”

орта арнаўлы ислам билим журтының рәсмий веб-сайтына хош келдиңиз

Елимизде Ғәрезсизлигимиз шарапаты менен зия ҳәм мәрипат ошағы болған мешит ҳәм медреселер өз жумысын баслап, халқымыздың руўхый тәрептен болған мүтәжликлерине мүнәсиб тәризде хызмет етип киятыр. ...

ЎРТА МАХСУС ИСЛОМ БИЛИМ ЮРТЛАРИДА АРАБ ТИЛИНИ ЎРГАТИШНИНГ ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАРИ

20
13 Декабрь 2018

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилади: إِنَّا جَعَلْنَاهُ قُرْآَنًا عَرَبِيًّا لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ

Албатта, Биз уни сизлар англашингиз учун араб тилидаги Қуръон қилдик!

Араб тилининг энг улуғ фазилатларидан бири унинг Қуръон тили, ислом тили эканлигидир. Ҳофиз ибн Касир розияллоҳу анҳу шундай дейдилар: “Араб тили инсон тафаккурида пайдо бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай маънони баён эта олувчи тушунарли, энг фасоҳатли, энг балоғатли тилдир. Шунинг учун ҳам энг мўтабар китоб энг мўтабар пайғамбарга энг мўтабар фаришта орқали ер юзининг энг мўтабар жойига йилнинг энг мўтабар ойида – Рамазонда энг мўтабар тилда – араб тилида нозил бўлган”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: خَيْرُكُمْ مَنْ تَعَلَّمَ الْقُرْآنَ وَ عَلَّمَهُ “Яхшиларингиз Қуръонни ўрганган ва уни ўргатганларингиздир” деб марҳамат қилганлар. Қуръони каримни ўрганиш эса аввало, араб тилини ўрганиш билан бўлади. Араб тилини ўрганишдан мақсад Қуръони карим, ҳадиси шариф, бир сўз билан айтганда ислом динини ўрганиш, ёхуд араб тили таржимони бўлиш экан, бу мақсадга эришиш учун энг аввало, араб тили грамматикасини ўрганиш зарур.

Аллома ибн Халдун (р.а.) айтадилар: “Талабаларга илм ўргатиш аста-секин, оз-оз, поғонама-поғона бўлса фойдали бўлади”. Ушбу Алломанинг сўзларига таянадиган бўлсак, бу борада бизга араб тилини ўрганишда жуда қулай бўладиган манбалардан бири “Ад-дурус ан-наҳвийя” китобидир. Чунки бу китобда келган грамматик қоидаларнинг барчаси осон ва тадрижий услубда берилган ҳамда уларнинг аксариятига ояти карималар, ҳадиси шарифлар ва улуғ зотларнинг ибратли сўзлари ва машҳур шеърларидан мисоллар келтирилган.

Китобларда ўқиган, устозлардан эшитган ва тажрибаларга таяниб, араб тилини ўрганувчи ва ўргатувчиларга қуйидаги фикр ва мулоҳазаларни таклиф қилишимиз мумкин:

  • Энг аввало талабанинг дарсга бўлган қизиқувчанлигини, иштиёқини ва истагини уйғотиш; Чунки талаба ўрганаётган фанига қизиқмас экан, ундан яхши натижа чиқиши қийин. Қолаверса, талабада илмга бўлган интилиш, иштиёқ ва ихлосни кўрган устоз ҳам унга астойдил таълим беришга ҳаракат қилади.
  • Ҳар бир талабага алоҳида эътибор бериш; У ўзини: “Устозига энг яқин талабаман”, деб ҳисобласин, ҳатто. Талабанинг кайфияти кўтарилади, устозига нисбатан ҳурмати ошади ва дарсларда жадаллашади.
  • Араб тилида ёзилган ибораларни махраж ва эъроб қоидаларига мувофиқ ўқиш ва ёзишга алоҳида эътибор бериш; Шунда у махраж сифатларини йўқотмайди. Уни эшитаётган одам гапларининг маъно мазмунини яхши англайди. Эсида сақланиши ҳам осон бўлади. Агар бир жойда хато ўқиса, нима учун бундай ўқиганини таҳлил қилиб берсин. Нотўғри бўлса, ўқитувчи тўғирлайди. Мутолаъаси очилиши ҳам тезлашади. Ёзишда васлий (ا) ва қатъий (أ) ҳамзаларга, (ي) ҳарфини нуқтали ёки мақсура алиф бўлганда нуқтасиз (ى) шаклида ёзиш ёки араб тилида бўғин кўчириш йўқ эканлиги каби йўл-йўриқларига ҳам эътибор қилсин. Талабалар бемалол диктант, иншо ва баёнлар ёза оладиган даражага эришиши мақсад қилинади.
  • Араб тилидаги сўзларни соф арабий-адабийча талаффуз қилсин. Бунинг учун дарсларни лингафон хоналарида ташкиллаштириш, араб тилидаги филм мультфильмларни кўриш ва аудио эшиттиришларни тинглашда бардавом бўлиш лозим.
  • Ҳар бир талаба луғат учун алоҳида дафтар тутиши лозим. Дартарга луғат ёзганда сўзларнинг бирлик ва кўплик шаклларини ҳам ёзишлари керак. Ҳозирда барча мадрасаларда араб, инглис ва рус тили кунлари ўтказилади. Талаба ҳар ҳафтада учта тилдан камида бешта сўзни бирлик ва кўплик шаклида ёзиб, ёдлаб борса, йил давомида луғат бойлиги анча ошади. Ҳар куни 10 тадан сўз ёд олиш, бир ҳафтада бир ўтириб 200 та сўз ёдлашдан афзалроқ. Чунки, бир ўтиришда 200 та сўзни ёд олиш талабани безитиб қўйиши мумкин. Баъзи талабалар араб тилидаги сўзларнинг маъносини билади. Лекин ўз тилимиздаги сўзларнинг араб тилидаги маъноси сўралганда билмай қолиши мумкин. Демак, иккала тилда луғат ёдлатиш ва сўраш мақсадга мувофиқ бўлади.
  • Араб тилини ўзбек тилига солиштириб ўргатиш (ўрганиш). Араб тили грамматикаси ўзбек тили грамматикасига юз фоиз тўғри келмайди. Лекин мос келадиган тарафлари ҳам бор. Ўзбек тилига мувофиқ келадиган жиҳатларини қиёслаб ўргатилганда ўзбек тилини яхши биладиган талабалар араб тилини ўрганиши осон ва тез бўлади.
  • Араб тилидан ўзбек тилига таржима қилишда аввало, ҳар бир сўз устида алоҳида тўхталиб, грамматик луғавий маъно бериш ва ўзбек тилида адабийча таржима қилишни ўргатиш керак. Бундан ташқари араб тилидаги ибораларнинг маъносини ифодаловчи ўзбек тилидаги жумлаларни ҳам ўргатиб бориш керак. Ўзбек тили ҳам сўзга бой тил.
  • Талабаларга араб тилида жумлаларни тузишни ўргатиш. Бу борада ўрта махсус ислом билим юртининг биринчи ва иккинчи гуруҳ талабаларига мутолаъа дарсидан"مَبْدَءُ الْقِرَائَةِ" китоби ҳам қулай келади. Унда ҳар бир мавзуда араб тилидаги жумлани ўзбек тилига таржима қилиш ва ўзбек тилидаги гапларни араб тилига таржима қилиш иборалари кўрсатилган. Ушбу китобнинг таржима ва грамматик таҳлил қилинган мр3 варианти ҳам мавжуд. Бунга ўхшаш бошқа китоблар ҳам кўп.
  • Талабаларни ўз устида ижод қилишга ундаш ва дарсни қаттиқ талаб қилиш. Шунда улар дарсга доим тайёр туришади. Акс ҳолда аҳамиятсиз нарсалар билан машғул бўлиб, ўқиши сустлашиб кетиши ҳам мумкин.
  • Ўқитувчи янги ўтилаётган дарсни-грамматикага оид бирон-бир қоидани машқ ва мисоллари билан бирга тушунтирганда ва унинг мисолини таржима ва грамматик таҳлил қилиб, замирларнинг қайтадиган жойларини кўрсатиб беришида инновацион технологиялар ва дарс ўтишнинг замонавий услубларидан қайси бири манфаатлироқ бўлса, ўшанисидан кўпроқ фойдаланган ҳолда дарсларни ташкил этиш ва дарс жараёнида мавзуга тааллуқли бўлган жойларини бошқача рангда кўрсатиш. Чунки буларнинг ҳаммаси ҳам араб тилини ўрганиш (ўргатиш)да қўл келавермайди. Фоил мавзусини ўргатаётганда шундай حَفِظَ مُحَمَّدٌ الْكِتَابَ кўрсатсин. Чунки инсон ўқиганда 10%, эшитганда 20%, кўрганда 30%, эшитиб кўрганда 50%, муҳокама ва баҳс-мунозара қилганда 70%, шахсан ўзи бажарганда 80%, синфдошлари билан бажарганда 90% эсда қолар экан. Агар ўқитувчи доскадан фойдаланмаса, баъзи талабалар дарсни яхши тушунсада, мавзуни зеҳнида тасвирлаб, янада яхшироқ англаши учун мисолини ёзиб беришни илтимос қилади. Баъзилари эса домлага нисбатан ҳурмати кучлилигидан, ёки андиша қилганидан, ёзиб беришини истаса ҳам сўрамайди.
  • Дарсни яхши ўзлаштира олмаётган талабалар билан алоҳида, яккама-якка тартибда шуғулланиб бориш. Ўзлаштириши суст талабаларга ўқув йилининг бошидан шундай аҳамият бериб борилса, кейинчалик савияси анча фаоллашади.
  • Келаси дарсда ўтиладиган мавзуни талабаларга уйга вазифага қўшиб ўқиб келишни вазифа қилиб бериш. Шунда ўқитувчи янги дарсни ўтганда талабаларнинг тушуниши ва ўзлаштириши анча осонлашади.
  • Талабаларга ҳозирги замонавий араб тилини ва араб тили оҳанг ва товушларини ўргатишда газета, журналлар, видео ва мр3 форматдаги эшиттиришларни тинглаб ёзиш ва таржима қилиш билан шуғулланиш.
  • Ўқитувчи эртага ўтадиган дарсига камида бир кун олдин ҳар доим тайёргарлик кўрсин.
  • Фойдаланган адабиётлар қаторида "اَلْمَكْتَبَةُ الشَّامِلَةُ"га ҳам мурожаат қилсин. Чунки унда араб тили грамматикасига оид китоблар ва мисоллар топиш осон ҳамда вақтдан ютиш имкони бор.
  • Ўқитувчининг асосий вазифаси талабага тилнинг нозик ва дақиқ жойларини тушунтириш ва уларга ўз устида ишлаш кераклигини етказишдир. Нима учун менга араб тили керак? деган саволга жавоб топган киши уни ўрганишга ҳам албатта вақт топади.
  • Ўқитувчи дарс ўтиш жараёнида талабаларга ўтилаётган дарс миқдорига ҳам риоя қилсин. Бу ҳақида "تَعْلِيْمُ الْمُتَعَلِّمِ طَرِيْقَ التَّعَلُّمِ" китобида чиройли баён қилиб берилган.
  • Талабалар доимо илм олишга ҳаракатда бўлишлари, илмга бўлган қизиқишлари сўнмаслиги ва илм олишдаги қийинчиликларни бартараф қилишлари учун уларни илмга рағбатлантирувчи ҳикоялар айтиб бериб туриш ёки ушбу мазмундаги сўзларни ёзиб деворга осиб қўйиш ва ҳеч қачон машаққатсиз бирор нарсага эришиб бўлмаслигини эслатиб туриш. Масалан: Бир куни Имом Шофеъий (р.а.)дан: “Илм талаб қилишга интилишингиз қандай?” деб сўрадилар. Имом Шофеъий (р.а.) “Илм эшитаётанимда қулоқларим роҳатлангандек роҳатланиш учун бутун баданим қулоқларга айланиб қолишини хоҳлайди”, дедилар. Ундан “Илмга қандай интиласиз?” деб сўрадилар, У зот: “Кўпгина одамлар бойлик ортидан қувганларига ўхшаб”, деди. Ундан яна: “Илмни қандай қидирасиз?” деб сўрадилар. “Она ёлғизгина боласини қидиргандек қидираман”, дедилар.
  • Яна бир муҳим нарса, ҳар бир талаба албатта араб тилида шахсий кундалик тутсин. Кун бўйи нима қилганини араб тилида ёзиб юрсин. Нечада турганини, қачон нонушта қилганини кимни учратганини ва ҳоказо. Буни кимдир ўқиши учун ёзмайди, балки асосийси ёзиш. Кунига 30-40 дақиқа.
  • Талабалар ичида шеър ёзишга қизиқадиганлари бўлади. Уларга алоҳида эътибор бериб, араб тилида ҳам шеър ёзишни ўргатиш.
  • Янги ўтилган мавзуни таркиз қилиш яъни, мавзуга доир маълумотларни санаш йўли билан жамлаш. Масалан: Дарсда икки ёки ундан кўпроқ бет мутолаъа қилинса, шунинг ичида талабанинг эсида сақлаши, ёдлаши лозим бўлган маълумотлар саналганда беш ёки олтита бўлиши мумкин. Бунда талабага дарсни ўзлаштириш ва унга қайта тайёргарлик кўриш осонлашади.

Юқоридаги айтилган фикр ва мулоҳазалар араб тилини ўрганувчи ва ўргатувчилар учун эди. Аммо, чет тилларини ўрганадиган ва ўргатадиганлар учун ҳам фойдадан холи эмас. Аллоҳ таоло тил ўрганишга астойдил бел боғлаганларни яхши мақсадларига эришишига муваффақ айласин ва илмларимизни манфаъатли қилиб берсин!

Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад ал Беруний ўрта махсус ислом билим юрти араб тили ўқитувчиси: Ж.Ишаев



  • Автор: Админ
  • 13 Декабрь 2018
  • 0
  • 2540

Жеке пикир

Ҳикметлер гүлдәстеси